“БОЙСУН” ТАБАРРУК ЎШ АРАФАСИДА
Жорий — 2022 йил севимли “Бойсун” газетасининг ижодий жамоаси, қолаверса кўп минг кишилик муштарийлари учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зотан бундан роппа-роса тўқсон йил муқаддам — 1932 йилнинг 1 май кунида газетанинг илк сони дунё юзини кўрган.
Демак, “отахон” газетамиз тўқсон ёш билан юзлашиш арафасида.
Ўз тарихи давомида бир неча номда чоп этилиб келаётган ва қарийб бир асрлик солномага эга нашр мамлакатимизда саноқли даражада. Ана шундай улуғ ва номдор “отахон” газеталар орасида “Бойсун”нинг бўлиши. Алоҳида ўринга эга эканлиги барчамизнинг фахримиз. Не бахтки, мана шу тўқсон йиллик фаолият ичида ўзимнинг ҳам қирқ йилдан ортиқ (ҳатто бошқа вазифаларда ишлаган даврларда ҳам) умрим кечди.
Эсимда, бундан ўттиз йил муқаддам сўнгги маротаба газетамиз “туғилган куни”ни зўр тантана билан нишонлагандик. Шундан кейин эса “Бойсун” бундай шукуҳли кунни кўрмади. Назаримда бизни (газетани демоқчиман) унутиб қўйишди чоғи. 70-80 йиллик юбилейларни ўзимизча, кичик жамоамиз билан бир-биримизни қутлаб, суфтагина ўтказганмиз…
Газетанинг 60 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш арафасида бутун меҳнат фаолиятини матбуотга бахшида қилган устозимиз, ўша пайтларда муҳаррирлик мақомида бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Очил Пардаев газета тарихи ҳақида жуда кўплаб архив материаллари бериб борганлари эсимда. Мен ўшанда бугун “Бойсун” номи билан чиқиб турган газетамиз қанчалик мураккаб ва машаққатли даврларни бошидан кечиргани, унинг таҳририятида ишлаб ўтган дастлабки фидойи ижодкорлар ҳақида илк маротаба ўта муҳим ва қизиқарли маълумотларга эга бўлганман.
Мен ҳеч иккиланмай айта оламан, “Бойсун” — бу шунчаки туман газетаси эмас, “Бойсун” — бу тарих, Бойсуннинг тарихи. Ҳеч бўлмаганда кейинги икки юз йиллик тарихи демак. Бунга шубҳа қилувчилар туман архивида сақланаётган газетамизнинг узоқ йиллик даврдаги тахламлари ҳамда қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида ушбу газетага муҳаррирлик қилган Очил Пардаевнинг мазкур архивда сақланаётган шахсий фонди билан танишиб, ишонч ҳосил қилишига шубҳа йўқ. Шу маънода газетамиз тарихига оид барча ҳужжатлар, тўқсон йиллик архив тахламлари ўз аҳамияти билан алоҳида маънавий қимматга эга номоддий бойлик дея бемалол айтиш мумкин.
“Бойсун”нинг мамлакатимиз матбуотида, маънавий-маърифий ҳаётида тутган яна бир муҳим ва алоҳида эътиборга сазовор жиҳати — бу ўз даврида газета таҳририяти ўзига хос катта ижод мактаби даражасига ета олгани ва бу ҳол мамлакат ижодий муҳитида алоҳида эътироф этилганидир. Ўз даврида Сурхон воҳаси матбуотида ўзига хос из қолдирган ўнлаб таниқли ижодкор-журналистлар газетамизга муҳаррирлик қилиб ўтган Атаев, Н.Муродов, О.Пардаев каби отахон матбуотчилар яратган ижод мактабида дастлабки ижодий сабоқлар олганларини ҳамиша эътироф этиб келганман. Ўзбекистон Халқ ёзувчилари Шукур Холмирза, Эркин Аъзам, Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим, шоир Зокир Худойшукуров, ёзувчи Олим Тошбоев, марҳум ижодкорлар Тоҳир Усмонов, Исроил Шомиров, Равшан Эҳсон ва бошқа ўнлаб таниқли ёзувчи-журналистлар, олимлар катта ижодий майдон сари дастлабки қадамларни газетамиз қошидаги ижод мактабидан бошлаганлар.
Газетамизнинг бўлажак 90 йиллик юбилейи баҳонасида биз яқин уч-тўрт ой давомида сиз азиз муштарийларни ушбу таҳририятда энг оғир замонларда фаолият кўрсатган фидоий марҳум ҳамкасбларимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган архив маълумотлари билан мунтазам таништириб боришни ният қилдик. Шунингдек, туман архивида сақланаёган газетамизнинг олис йиллар сонларида чоп этилган қизиқарли мақолалар, ўткир фельетон ва ҳажвиялар, туманимиз тарихига оид илмий мақолалардан ҳам кўчириб бериш имкониятимиз бор.
Қарийб бир асрлик тарихга эга газетамизнинг кейинги ярим асрлик фаолияти давомида марҳум устоз Очил Пардаев ташаббуслари билан газета таҳририятида ташкил этилган “Жамоатчи мухбирлар” мактабида таҳсил олиб, кейинчалик газетамиз билан узоқ йиллар ҳамкорлик қилган жамоатчилик асосида фаолият кўрсатган мухбирларимиз ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.
Шубҳасиз, “Бойсун” газетасининг муборак 90 йиллик юбилейи, фақат газета таҳририятининг байрами эмас. Вилоятимизда биринчилардан бўлиб ташкил этилган севимли “Бойсун”га тегишли байрам барчамизники. Шундай экан бу байрамни барчамиз биргаликда нишонлаймиз. Шу маънода биз азиз муштарийлардан, кекса жамоатчи мухбирларимиз, ижодий ҳамкорларимиздан газетамиз тарихига оид ўзингиз билган қизиқарли фактлар, рақамлар ва воқеа-ҳодисалар ҳақида ёзиб юборишингизни сўраб қоламиз.